Бугун таваллудига саксон йил тўлишини нишонлаётган, профессор Худойберган Жўраевнинг камолга етиши, мамлакатимизнинг кўзга кўринган тилшунос олимларидан бири, филологик таълим ташкилотчиси даражасига эришувида Самарқанд Давлат университетининг жуда катта ҳиссаси бор. Негаки, ўқитувчиликка, илмга чанқоқ ўн олти ёшлик йигитча 1950 йилда ўзи туғилиб ўсган Бахмал туманидан илк бор Самарқанд шаҳрига келиб, икки йил давомида шаҳардаги ўқитувчилар тайёрлаш институтида таълим олди. Шундан кейин ўрта махсус маълумотга эга бўлган Худойберган Жўраев Бахмалдаги ўзи ўқиган 12-ўрта мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс берди. Ўз билимини ошириш, олий филологик маълумот олишга кучли иштиёқ туфайли у 1954 йилда иккинчи марта Самарқанд шаҳрига илм олиш истагида қадам қўйди. Худди шу йили у ЎзДУ (ҳозирги СамДУ) филология факультетига ўқишга кирди. У факультетда Улуғ Турсунов, Воҳид Абдуллаев, Абдулла Сулаймонов, Ҳамдам Бердиёров, Худойберди Дониёров, Ориф Икромов, Маҳмудали Юнусов, Абдужаббор Мухторов каби йирик тилшунос ва адабиётшунос олимлардан билим сирларини мукаммал ўрганди ҳамда бу устозлар билан доимо яқин алоқада бўлди. Талабалик йиллари давомида у сўз оламининг сеҳри нимадалигини билиш иштиёқи билан яшади, бадиий асарлар ўқиб, улардаги улкан сўз санъаткорларининг маҳоратидан баҳраманд бўлди, халқ орасида юриб, адабий тилимизда унутилаёзган сўзларни эринмай тўплаб, саралаб борди.